Юртимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада яхшилаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Айниқса Республикамиз Президентининг «Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида»ги 2017 йил 29 декабрдаги қарори асосида хусусий тиббиёт муассасалари тармоғини янада яхшилаш, кенгайтириш борасида қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятимиз шаҳар ва туманларида, энг чекка ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тиббиёт шахобчалари, оилавий корхоналар бугунги кунда аҳолига намунали хизмат кўрсатмоқда.
Хива шаҳрининг Янгиобод шаҳарчасида аҳоли сонининг йилдан йилга орта бориши – бу ҳудудда тиш касалликларини даволаш бўйича алоҳида поликлиника бунёд этилишини тақозо этиб келмоқда эди. Бу муаммо ўз ечимини топди. Тадбиркор шифокор Қувондиқ Раҳимов банкдан олган имтиёзли кредит ва ўз маблағи ҳисобига икки қаватли ана шу турдаги тиббий масканни бунёд этди.
– Айни «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да ишга тушган оилавий корхонамиз энг охирги русумдаги хориждан келтирилган янги технологиялар билан жиҳозланган, – дейди Янгиобод шаҳарчасидаги «Хадичабонудента» оилавий корхонаси мудири Қувондиқ Раҳимов. – Малакали шифокорларимиздан тиббиёт фанлари номзоди Раҳимбой Камолов, Украинада касб малакасини ошириб қайтган Ҳайрулла Ҳасанов, шунингдек, Сирожбек Абдуллаев, Жасур Раҳимов, Насиба Қўзиева, Мадина Бектемировалар беморларга сидқидилдан хизмат кўрсатмоқдалар.
Мижозлар учун барча шароитлар яратилган. Навбат кутиш давомида газета-журналларнинг янги сонлари билан танишишлари, радио тинглашлари, телевизор томоша қилишлари мумкин. Корхона қошида Дорихона ҳам ишлаб турибди.
– Шифокор ўғлим Қувондиқдан, унинг аҳил жамоасидан ҳамма миннатдор, – дейди 90 яшар Иброҳим бобо Абдуллаев, – эндиликда узоққа қатнаб юрмасдан, ўзимизга яқин ҳудудда тишларимизни тиббий кўрикдан ўтказиш, даволатиш имкониятига эга бўлдик. Бундай эзгу ишлар бошида турган Юртбошимизга миннатдорчилигимиз чексиз.
Мижозлар «Таклиф ва мулоҳазалар» дафтарига ана шундай дил изҳорларини ёзиб қолдирмоқдалар.
Абдулла САФОЕВ.