РЕАЛ ҲОЛАТ, ТАҲЛИЛ ВА САМАРАЛИ ЕЧИМ

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигида Парламент қуйи палатаси депутатлари, соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий –амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳи жойларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқда.

Феврал ойининг охирги ҳафтасида Республика ишчи гуруҳи вилоятимизда бўлди.

Ишчи гуруҳ аъзолари шифохоналар, қишлоқ оилавий поликлиникалари (ҚОП), қишлоқ врачлик пунктларида (ҚВП) бўлиб, беморлар билан юзма-юз мулоқотлар уюштирдилар, фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари билан бевосита танишдилар.

Хусусан, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли шаҳар шифохонасида яратилган шароитлар ишчи гуруҳ аъзолари эътиборини тортди. 2018 йилда 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилган мазкур шифохона 60 ўринга мўлжалланган бўлиб, терапия, режали хирургия ва реанимация бўлимларини ўз ичига олган.

Ҳозирги кунда шифохона УЗИ, ЭКГ, ЭХО-ЭГ аппаратлари ҳамда “Саломатлик” лойиҳалари доирасида замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланган. 2018 йилда шифохонага 100 миллион сўмлик бюджет маблағлари ҳисобига жарроҳлик хонаси жамланмалари харид қилинган.

Фуқаролар билан ўтказилган мулоқотларда бир қанча инсонлар тиббий муолажаларга муҳтожлиги аниқланди. Хусусан, урганчлик Роҳатой Жумамуротовани ўт тоши касаллиги безовта қилиши ва операцияга муҳтожлиги, бунга эса унинг иқтисодий имконияти етмаслиги маълум бўлди. Роҳатой Жумамуротова жарроҳлик амалиёти қилиш учун Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилди, унга тиббий муолажалар ва жарроҳлик амалиёти  бепул амалга оширилди.

Ана шундай мулоқотлардан бири Қўшкўпир туманида ҳам ташкил этилди. Туманда 2- секторга қарашли ҳудуддаги хусусий клиникада бепул равишда тиббий кўрик ташкил этилди. Тиббий кўрикка барча туман аҳолиси қамраб олинди. Бу ерда улар кўплаб асалликлар бўйича тиббий текширувлардан ўтказилди.

Эрталабдан шу ерга келиб, шифокорлар кўригидан ўтиб чиқаяпман. Мени кўп йиллардан бери гипертония касаллиги қийнаб келади. Ҳозир барча кўриклардан ўтиб, шифокорларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини олиб, саломатлигим жойидалигидан мамнун бўлиб ўтирибман. Ҳудудимиз поликлиника шифокорлари ва ҳамшираларидан жуда миннатдорман, улар ҳар куни келиб, менинг ва оилам аъзоларининг соғлиғини назорат қилиб боришади,-дейди Қўшкўпир тумани Ўртаёп қишлоғида яшовчи Шарифажон Каримова.

Шу куни тумандаги 21-сонли қишлоқ оилавий поликлиникада тиббиёт бирлашмаси, оилавий поликлиника раҳбарлари ўзлари  хизмат кўрсатаётган аҳолига ҳисобот бердилар. Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси вакили  туман аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатларга атрофлича тўхталиб ўтди.

Туман аҳолиси билан ўтказилган мулоқотларда бир қанча мурожаатлар кўриб чиқилди. Туманда олиб борилаётган тиббий ислоҳотлар ва кўрсатилаётган хизматлардан норозиликлар учрамади. Поликлиникаларда тиббий техника, хусусан УЗИ аппарати етишмаслиги аниқланди. Ушбу муаммо ҳам ўз ечимини топиши айтилиб, шу йилнинг март-апрель ойларида “Саломатлик” лойиҳаси доирасида тақдим этилиши таъкидланди. 17-сон қишлоқ оилавий поликлиникаси биноси таъмирталаблиги ва у кейинги йил дастурга киритилиши вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари томонидан айтиб ўтилди. Шунингдек, кўпчилик аҳолини қийнаётган тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Айни пайтда ишчи гуруҳининг фаолияти фақат соҳадаги муаммо ва камчиликларни аниқлаш эмас, балки уларни имкон қадар жойида бартараф этишга қаратилгандир. Шу боис, бу борадаги масалаларнинг аксарияти ҳал қилинмоқда,-дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ходими Жамшид Пирматов.

Қўшкўпир туманидаги мулоқотлар жараёнида икки нафар фуқарога ногиронлик аравачаси ҳам тақдим этилди.

Ҳисобот тадбири Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-сонли оилавий поликлиникада ҳам бўлиб ўтди.

Поликлиникамиз аҳолиси 56741 нафарни ташкил этади. Шулардан, 39728 нафари катта ёшлилар, 17013 нафари 18 ёшгача бўлган болалар,15503 нафарини туғиш ёшидаги аёллар ташкил этади. Поликлиника аҳолисига хизмат кўрсатиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда поликлиникамизда аёллар маслаҳатхоналари иш бошлаган бўлиб, уларда ёш оналарга сабоқлар, тиббий маданиятни ошириш бўйича тушунчалар ва муаммоли оилаларга кўмаклар бериб борилмоқда, -дейди поликлиника мудири Нилуфар Ғоипова.

Парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан ўрганишлар жараёнида соҳада учраётган кўплаб муаммолар ҳам аниқланиб, уларни тизимли равишда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, ана шундай масалалардан бири чекка, шифохоналардан олисда жойлашган аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти билан боғлиқ.

Таҳлиллар бундай аҳоли пунктларида фуқаролар оддийгина масалалар — шифокорнинг бир оғиз маслаҳатию арзимас ёрдами билан ўз ечимини топадиган ҳолатларда ҳам ҳуда-беҳуда “Тез ёрдам”ни чақиришини кўрсатмоқда.

Ана шуни эътиборга олган ҳолда, аҳоли билан мулоқотлар чоғида келиб тушаётган таклифлар асосида Парламент қуйи палатаси депутатлари аниқланган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган кўплаб ташаббуслар қаторида ушбу масаланинг ечимини топишда ҳам амалий ишга қўл урдилар.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган муассасаларидан ташриф буюрган бир гуруҳ шифокорлар вилоят муассасалари шифокорлари билан биргаликда жарроҳлик амалиётларини ҳам ўтказдилар. Хусусан, диск чурраси, бел остеохондрози ва бўқоқ касаллиги билан боғлиқ жарроҳлик амалиётлари  муваффақиятли бажарилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.