вписать адрес сайта
horezm.vssb@minzdav.uz
Saytning
maxsus versiyasi
10
avgust
2019

Boshqarma haqida

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир фуқаро малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган. Соғлиқни сақлаш тизимида узлуксиз равишда амалга оширилиб келинаётган туб ислоҳотлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошди. Ўзбекистон тиббиёти ривожланган давлатлардан бирига айланиб бораётгани дунё ҳамжамияти томонидан тан олинди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар самарасини Хоразм вилояти мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бугунги кунда вилоятда 200 дан зиёд даволаш профилактика муассасалари мавжуд бўлиб, уларда меҳнат қилаётган 20 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга оид барча тадбирларни муваффақиятли амалга оширмоқдалар. Тиббиёт муассасаларининг муттасил равишда янги асбоб-ускуналар билан таъминланиши аҳолининг барча қатламлари орасида хавфли касалликларнинг олдини олиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби энг муҳим йўналишларда тиббий хизмат сифатини оширишга замин яратмоқда.

Маълумки, мустақиллик туфайли оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг “ўзбек модели” яратилди ва жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинди. Истиқлол йилларида луғатимизга “репродуктив саломатлик” атамаси кириб келди. Эндиликда ёш авлоднинг ҳар томонлама – ҳам жисмонан, ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам ижтимоий соғлом бўлиб вояга етишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилмоқда. Бирламчи профилактик ва соғломлаштириш тадбирларига устувор вазифа сифатида ёндошилаётганлиги, никоҳланувчиларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилганлиги, қишлоқларда ҳомиладор аёлларга поливитамин комплекси бепул тарқатилаётганлиги, ёшларни спортга кенг жалб қилиш борасида олиб борилаётган тадбирларнинг барчаси — элдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилгандир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларининг, илмий ва тиббий марказлари тажрибали мутахассисларининг вилоятимиз тиббиёт муассасаларида бўлиши, ўз зарурий тавсия ва маслаҳатларини бериши фаолиятимизни янада такомиллаштиришда қўл келмоқда.



Барча соҳалар каби тиббиётнинг изчил ривожланганлиги, аҳоли, хусусан она-бола саломатлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилиши замирида ҳам масъулиятли ва машаққатли меҳнатлар ётади. Бугун мамлакатимизда аҳолининг турмуш сифатини ошириш борасида қўлга киритилаётган ютуқлар дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда, муносиб баҳоланмоқда. Ўзига хос “ўзбек модели”га эндиликда ривожланган давлатларнинг ҳам ҳаваси келади.

Ўзбекистоннинг янги тарихини ўрганар эканмиз, Хоразм вилояти аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам жуда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз. Соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, янги бинолар қурилиб, улар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, атроф- муҳитни соғломлаштириш ва ободонлаштириш, жойларда санитария-профилактика тадбирларини тўғри йўлга қўйиш ва назоратни кучайтиришга катта эътибор қаратилди.

1993 йил Хоразм тиббиётида улкан воқеалардан бири содир бўлди. Биринчи туғма юрак нуқсони “очиқ артериал йўл”ни боғлаш операцияси 1993 йил 28 декабрда профессор Қ.Б.Бобожонов бошчилигида вилоят шифохонасининг умумий хирургия бўлими базасида амалга оширилди.

1994-1995 йилларда вилоят шифохонаси кардио-жарроҳлик бўлими 3 миллион АҚШ доллари миқдорида замонавий кардиохирургик асбоб-анжомлар билан жиҳозланди. Қисқа даврда 40 га яқин ёпиқ юрак операциялари ва қон томир операциялари муваффақиятли амалга оширилди. 1996 йил 24 октябрда биринчи очиқ юрак операцияси (бўлмачалараро деворидаги дефектни бартараф қилиш)ўтказилди.

Истиқлолнинг илк йиллариданоқ кадрлар салоҳиятини юксалтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Прeзидeнт И.А.Kаримoвнинг 1992 йил 28 фeвралдаги фармoнига асосан Урганч шаҳрида 1- Toшкeнт давлат тиббиёт институтининг бўлими очилди. 1995-1998 йилларда бўлим Урганч давлат университети таркибида “Тиббиёт маркази” мақомида фаолият юритди. 2005 йилдан Тошкент тиббиёт академиясининг филиали сифатида соғлиқни сақлаш тизими учун юқори малакали шифокорларни тайёрлаб келмоқда.

Кадрлар салоҳиятини юксалтириш мақсадида турли мавзуларда илмий-амалий конференциялар ташкил қилиниб, долзарб масалалар муҳокама қилиш анъанага айланди. 1994 йили Урганчда ўтказилган “Эхинококкоз касаллиги: профилактикаси ва даволаш усуллари” мавзусидаги халқаро илмий анжуманда АҚШ, Англия, Германия, Россия ва мамлакатимиз пойтахтидан келган олимлар қаторида хоразмлик профессорлар ҳам ўз мазмунли маърузалари билан қатнашдилар.

Йил сайин шифохоналарнинг имкониятлари кенгайиб бораверди. 1995 йилда 1-вилоят клиник шифохонасига Германиянинг “Karl Stors” русумли лапораскоп ускунаси сотиб олиниб, ишга туширилди.

Истиқлол йилларида юқумли касалликларнинг олдини олиш масаласига жиддий ёндошилди. Шу мақсадда 1995-1998 йилларда Урганч шаҳар ва туман юқумли касалликлар шифохонаси негизида 100 ўринли вилоят шифохонаси ташкил этилди. Юқумли касалликларнинг вилоят ҳудудига ташқаридан кириб келишининг олдини олиш учун Урганч аэропорти, чегарадош ҳудудлардан ўтадиган автомобиль ва темир йўлларда 4 та санитария-карантин постлари ташкил қилинди.

Вилоятда сил касаллиги билан оғриган беморларнинг сони камайиб бораётган бўлишига қарамасдан, уларга тиббий хизмат кўрсатишни доимий равишда яхшилаш талаб этилади. Шу боис 3 та бинога жойлаштирилган ва 310 ўринга эга вилоят сил касалликлари диспансерининг 6 та бўлимини таъмирлаш учун “Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик жамияти томонидан 600 миллион сўм ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.


Аҳолига ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида тиббиёт муассасаларига мустақиллик йилларида 226 та автотранспорт воситалари берилди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мухофаза қилишга қаратилаётган улкан эътибор, авваламбор, бу соҳани ривожлантиришга йўналтирилаётган инвестициялар ва маблағларда ўзининг аниқ исботини топмоқда. Мамлакатимиз давлат бюджетида соғлиқни сақлаш соҳасига сарфланаётган харажатлар улуши 15,7 фоизни, ялпи маҳсулотга нисбатан эса 4,1 фоизни ташкил этади. Соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий асбоб-ускуналар ва тиббий техника билан қайта жиҳозлашга ўтган даврда 700 миллион доллардан зиёд имтиёзли кредитлар, донорларнинг грант маблағлари жалб этилди.

Айни пайтда вилоятда12та марказ, 5та диспансер, 1 та шифохона, 1 та клиника, 10 та туман ва 3 та шаҳар тиббиёт бирлашмалари, аҳолига бирламчи тиббий санитария ёрдами кўрсатувчи 18 та қишлоқ врачлик пункт65 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ва 3 та оилавий поликлиникалар, вилоят ОИСТга қарши курашиш маркази, вилоят “Она ва бола” скрининг маркази, республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази Хоразм филиали, вилоят реабилитация маркази, вилоят ўсмирлар диспансери, вилоят болалар стоматология поликлиникаси, жами 156та даволаш профилактика муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Албатта, ҳар қандай ғояни мутахассислар амалга оширади. Шу маънода истиқлол йилларида қўлга киритилган муваффақиятларда соҳа фидойиларининг муносиб ҳиссаси бор.

Бугунги кунда вилоят даволаш профилактика муассасаларида 4542 нафар шифокор, 15 308 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, фаолият кўрсатмоқда. Шифокорлардан 17 нафари тиббиёт фанлари доктори, 62 нафари тиббиёт фанлари номзоди, 1381 нафари олий, 418 нафари биринчи ва 562 нафари иккинчи малака тоифасига эга.

Ўтган йиллар давомида бир қатор тиббиёт ходимлари АҚШ, Япония, Туркия, Эстония, Буюк Британия, Корея, Польша, Россия ва Украина каби давлатларда ўз мутахассисликлари бўйича малака ошириб қайтишди. Тиббиёт ходимлари орасида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Шифорларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига вилоят аҳолисининг саломатлиги тикланиб ва мустаҳкамланиб, мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати янада ошишига ва халқаро майдондаги нуфузи кўтарилишига эришилмоқда.

Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида Курязов Хушнуд (1989-1993 йиллар), Жаббаров Карим (1993-1995 йиллар), Дўсчанов Бахтиёр (1995-1998 йиллар), Машарипов Ражаббой (1998-1999 йиллар), Цой Светлана Николаевна (1999-2005 йиллар), Сагиров Анвар Мидхатович (2005-2009 йиллар), Бекжонов Солийжон Зарифович (2009-2012 йиллар) лар фаолият олиб борган. Тангрибердиев Купалбой Раимбердиевич – 2012 йилдан ҳозирги кунгача Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб бормоқда.

скачать dle 12.0

Похожие публикации:

10 avgust 2019 Rahbariyat